Кураш. Қирғизистон чемпионлари номи аниқланди
Бишкек шаҳридаги “Газпром” спорт мажмуасида кураш бўйича катталар ўртасида Қирғизистон чемпионати юқори савияда ташкил этилди. Мусобақада мамлакатнинг 8 та вилояти, шунингдек Бишкек ва Ўш шаҳарларидан ташриф буюрган 400 нафарга яқин курашчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Қирғизистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт агентлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ноолимпия спорт турлари дирекцияси ҳамда Қирғизистон Кураш федерациялари ҳамкорлигида ўтказилган мамлакат чемпионати бу йил ҳам муросаcиз ва қизиқарли беллашувларга бой тарзда кечди.
Тантанали очилиш маросимида мамлакат спорт раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Бишкек шаҳридаги элчихонаси вакиллари, спорт фахрийлари, мураббийлар, спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Шунингдек, беллашувларни халқаро талаблар асосида юқори савияда бошқариб бориш мақсадида Ўзбекистон Кураш федерациясининг бир гуруҳ тажрибали ҳакамлари ҳам чемпионатда иштирок этиб, қирғизистонлик ҳамкасбларига амалий ёрдам кўрсатишди.
Кун давомидаги кескин ва шиддатли баҳслар якунга кўра, барча вазн тоифаларида чемпион ва совриндорлар номи аниқланди. Ғолибларга диплом, медал ҳамда ташкилотчилар томонидан таъсис этилган қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
Мазкур чемпионат якунларига кўра шакллантириладиган Қирғизистон миллий терма жамоаси аъзолари келгусида халқаро мусобақаларда мамлакат шарафини ҳимоя қилади.