Кураш. ИКА Бошқарув қўмитаси XV Жаҳон чемпионати юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказади
ИКА Бошқарув қўмитаси XV Жаҳон чемпионати юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказади.
🇮🇷Халқаро Кураш ассоциацияси (ИКА) тақвимига мувофиқ, Кураш бўйича XV Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 31 январ — 5 февраль кунлари Эрон Ислом Республикасининг Божнурд шаҳрида ўтказилиши белгиланган эди. Мазкур нуфузли мусобақага тайёргарлик ишлари юқори суръатда олиб борилаётгани ҳақида аввал хабар қилинган.
Бироқ, 28 декабр санасидан эътиборан Эрон Ислом Республикаси ҳудудида иқтисодий муаммолар билан боғлиқ аҳоли норозилик намойишлари кузатилмоқда. Вужудга келган вазият муносабати билан Халқаро Кураш ассоциацияси ушбу ҳолатни доимий равишда диққат марказида ушлаб, Эрон Ислом Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги ҳамда Эрон Кураш федерацияси билан узвий ва мунтазам алоқада бўлиб келмоқда.
Шу муносабат билан, бугун Тошкент вақти билан соат 16:00 да ИКА Президенти раислигида Кураш бўйича XV Жаҳон чемпионати масаласига бағишланган Халқаро Кураш ассоциацияси Бошқарув қўмитасининг шошилинч йиғилиши ўтказилиши белгиланди. Йиғилишда Бошқарув қўмитаси аъзолари, шунингдек, тегишли ҳамкор ташкилотлар вакилларининг иштирок этиши кўзда тутилган. Илтимос, шуни инобатга олингки, ИКА учун аъзоларимизнинг хавфсизлиги устувор масала ҳисобланади.
Йиғилиш якунлари бўйича қабул қилинадиган қарорлар жамоатчиликка йиғилишдан кейин тезкор тарзда тақдим этилади.