Кураш. Халқаро кураш институти ва Румыния кураш федерацияси ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Халқаро кураш институти ва Румыния кураш федерацияси ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Бугун 12 ноябрь Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулла Таджиев Румыния кураш федерацияси президенти Наим Белгин ҳамда федерациянинг махсус лойиҳалар бўлими раҳбари Клаудия хонимни қабул қилди.
Учрашувнинг асосий мақсади Румынияда кураш спортни янада ривожлантириш, шунингдек кураш мутахассисларининг малакасини ошириш масалалари бўлди.
Томонлар жорий йил сентябрь кунлари Констанца шаҳридаги "Қурултой" фестивали доирасида ўтган кураш мусобақалари ва Халқаро семинар тафсилотларини муҳокама қилдилар. Фестиваль маданий алмашинув ва кураш мусобақаларини мунтазам ўтказилиши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, келгуси йилги ҳамкорлик доирасида кураш мусобақаларини янада такомиллаштириш ҳамда Румынияда нафақат мамлакат, балки Европанинг кўплаб давлатлари мураббий ва ҳакамлари учун мўлжалланган йирик халқаро малака ошириш семинари ўтказилиши режалаштирилди.
Ушбу семинар Халқаро кураш институти, Европа кураш иттифоқи ва Румыния кураш федерацияси ҳамкорлигида амалга оширилади.
Жаноб Белгин ИКИ экспертларини жалб этиш орқали бундай маҳорат дарслари курашнинг кўҳна қитъадаги ривожига улкан ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида меҳмонлар Халқаро кураш ассоциацияси қароргоҳида жойлашган Кураш музейига ташриф буюрди. У ерда кураш спортнинг ривожланиш ва тараққиёт босқичини намойиш этувчи ёрқин экспонатлар билан танишиш имконига эга бўлдилар.