locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Кураш. Халқаро Кураш Ассоциациясининг 2026 йилги тақвим режаси тасдиқланди

Халқаро Кураш Ассоциацияси (ИКА) томонидан 2026 йил учун халқаро мусобақалар ва таълим тадбирларини қамраб олган расмий тақвим режаси тасдиқланди.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Кураш. Халқаро Кураш Ассоциациясининг 2026 йилги тақвим режаси тасдиқланди
photo: Kurash Uzbekistan

Халқаро Кураш Ассоциацияси (ИКА) томонидан 2026 йил учун халқаро мусобақалар ва таълим тадбирларини қамраб олган расмий тақвим режаси тасдиқланди.

Тақвим режага мувофиқ, 2026 йил давомида ИКА байроғи остида 50 дан ортиқ халқаро тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Улар қаторига жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар, World Series Pro (WSP) рейтинг мусобақалари, шунингдек, мураббий ва ҳакамлар учун лицензиялаш ҳамда малака ошириш курслари киради.

2026 йилги тақвимда 4 қитъа — Осиё, Европа, Африка ва Пан-Америка чемпионатлари ўрин олган бўлиб, ушбу мусобақаларда дунёнинг 80 дан ортиқ давлати иштирок этиши режалаштирилган. Онлайн ва гибрид форматдаги курслар орқали эса таълим дастурларида 50 дан ортиқ давлат мутахассислари қамраб олинади.

Жорий йил Кураш мухлисларини қатор йирик халқаро тадбирлар кутмоқда. Хусусан, тақвим режасига Кураш бўйича 2 та Жаҳон чемпионати, қитъа чемпионатлари, WSP рейтинг мусобақалари ҳамда CISM Kurash Challenge Cup турнири киритилган.

Шунингдек, Кураш бўйича расмий беллашувлар World Nomad Games (Иссиқкўл, Қирғизистон) доирасида ҳамда 20-Осиё ёзги ўйинлари (Айчи–Нагоя, Япония) дастуридан ўрин олган.

Анъанавий тарзда Франциянинг Париж шаҳрида ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир ҳам 2026 йилги тақвим режадан жой олган. Ушбу мусобақа ИКА тақвимидаги нуфузли халқаро турнирлардан бири ҳисобланиб, Европа қитъасида Курашнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Халқаро Кураш Ассоциацияси ва Халқаро Кураш Институти томонидан амалга ошириб келинаётган таълим ва лицензиялаш дастурлари 2026 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Йил давомида 12 та халқаро семинар, 6 та лицензиялаш курси (A ва B лицензия) ҳамда 5 та гибрид ҳакамлик курси ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу дастурлар орқали 500 нафардан ортиқ мураббий ва ҳакам халқаро стандартлар асосида тайёрланиши кўзда тутилган.

ИКАнинг 2026 йилги тақвим режаси Курашни глобал спорт тури сифатида ривожлантиришга қаратилган изчил ва тизимли стратегияни акс эттиради. Географик қамров, мусобақалар сони ва таълим дастурлари ҳажми нуқтаи назаридан 2026 йил ИКА фаолиятида муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг