Кураш – Халқаро Ҳарбий Спорт Кенгаши (CISM)нинг расмий спорт тури сифатида эътироф этилди!
Дунёдаги энг йирик спорт ташкилотларидан бири — Халқаро Ҳарбий Спорт Кенгаши (CISM) Курашни расман ўз тақвимидан жой олган спорт тури сифатида эътироф этди. Бу муҳим қарор Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида бўлиб ўтган CISM Бош Ассамблеясида қабул қилинди.
1948 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Бельгияда жойлашган CISM – 140 та аъзо давлатни бирлаштирган, ҳарбийлар ўртасида спорт орқали тинчлик ва дўстликни тарғиб қилувчи нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Мазкур ютуқ – Халқаро Кураш Ассоциацияси (IKA), Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва Ўзбекистон Кураш Федерациясининг изчил ҳаракатлари, музокаралари ва ҳамкорлиги самарасидир.
Бош Ассамблеясида IKA Техника директори жаноб Рави Капур томонидан тайёрланган Кураш тақдимоти CISM раҳбарияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди ва натижада Кураш CISM тақвимига киритилди.
CISM доирасидаги биринчи расмий Кураш мусобақаси — Kurash Challenge Cup — 2026 йил 5–6 сентябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилади. Аҳамиятлиси шундаки, мусобақанинг финал куни — 6 сентябрь — "Жаҳон Кураш куни"га тўғри келади.
Энди Кураш нафақат спорт, балки турли халқлар, маданиятлар ва армиялар ўртасида дўстлик кўприги сифатида хизмат қилади. 2026 йилдаги расмий дебютни дунё қизиқиш билан кутмоқда – бу курашнинг интизом, анъана ва глобал бирликка асосланган шонли тарихидаги янги саҳифа бўлади.