Кураш. Душанбе шаҳрида Осиё чемпионати олдидан халқаро ҳакамлик семинари бўлиб ўтди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида старт олаётган кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Осиё чемпионати олдидан ташкилий ишлар қизғин паллага кирди.
Бугун эрта тонгдан чемпионат беллашувларини адолатли ва юқори профессионал даражада бошқариш мақсадида халқаро ҳакамлар учун махсус ўқув-семинар ташкил этилди.
Мазкур семинар Халқаро кураш институти экспертлари — ИКА Бош котиби ва институт Илмий бўлими бошлиғи Муҳаммад Ризо Нассири ҳамда ИКА Техник директори ва ИКИ халқаро эксперти жаноб Рави Капур бошчилигида ўтказилди.
Семинар давомида ИКИ томонидан махсус ишлаб чиқилган янги ҳакамлик видеоқўлланмалари асосида кураш мусобақаларини баҳолаш меъёрлари аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди. Шунингдек, баҳслар давомида Танбеҳ, Дакки ва Жазо қўллаш принциплари ҳамда уларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳакамларга батафсил тушунтирилди.
Куннинг иккинчи ярмида кураш мураббийлари учун ҳам амалиётий ўқув семинари ўтказилиши режалаштирилган.