Кураш бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлиги Баҳрайндан Қозоғистонга кўчирилди
Бирлашган жаҳон кураш ташкилоти (UWW) Бюроси спорт курашлари бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатини Баҳрайндан Қозоғистонга кўчириш ҳақида якуний қарор қабул қилди. Бу ҳақда Россия спорт курашлари федерацияси (РСКФ) расмий сайти маълум қилди. Ташкилот президенти Михаил Мамияшвилининг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги ҳозирги геосиёсий вазият сабабли мусобақани Манама шаҳридан бошқа давлатга кўчиришга тўғри келган.
Тарихий мусобақани ўзида қабул қилиш учун Осиёнинг икки йирик кураш мамлакати — Қирғизистон ва Қозоғистон даъвогарлик қилди. Овоз бериш жараёнида атиги биргина овоз фарқи билан Қозоғистон ғолиб чиқди ва нуфузли турнирни ўтказиш ҳуқуқи Остона шаҳрига топширилди. Эндиликда қариндош мамлакат пойтахти дунёнинг энг кучли полвонларини ўзида жамулжам этади.
Кураш оламида йилнинг энг муҳим ва йирик воқеаси ҳисобланган ЖЧ-2026 мусобақалари жорий йилнинг 24 октябридан 1 ноябрига қадар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу жаҳон биринчилигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси полвонлари ҳам ҳар учала халқаро йўналишда (эркин, юнон-рум ва аёллар кураши) энг кучли таркиб билан иштирок этиши кутилмоқда.