Кураш бўйича XV Жаҳон чемпионати Эроннинг Божнурд шаҳрида ўтказилади
Халқаро Кураш Ассоциацияси (ҲКА) ташаббуси билан 2026 йил 31 январь – 5 февраль кунлари Эрон Ислом Республикасининг Шимолий Хуросон вилояти маркази — Божнурд шаҳри Кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Ушбу нуфузли мусобақа жаҳоннинг энг кучли полвонларини бир жойга жамлаш билан бир қаторда, Курашнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш, спорт дипломатияси ва маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади. Чемпионат доирасида ҲКА Бошқарув қўмитаси йиғилиши, ҲКА навбатдаги Конгресси, халқаро ҳакамлар ва мураббийлар семинарлари, антидопинг бўйича ўқув машғулотлари ҳам ташкил этилади.
Мусобақалар Божнурд шаҳридаги “Алидох” спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Ташкилотчи сифатида Эрон Кураш Ассоциацияси иштирокчилар учун юқори даражадаги ташкилотчилик, хавфсизлик, логистика ва замонавий инфратузилмани таъминлаш учун иш олиб бормоқда. Делегациялар Машҳад халқаро аэропорти орқали кутиб олинади ва маҳаллий транспорт билан таъминланади.
Жаҳон чемпионати Халқаро Кураш Ассоциациясининг амалдаги қоидалари асосида ўтказилади ҳамда мусобақа натижалари бўйича WSP рейтинг очколари тақдим этилади.
Мазкур дунё биринчилигига ҲКАга аъзо бўлган миллий федерацияларнинг ҳар бири ҳар бир вазн тоифасида битта спортчи билан иштирок этиши мумкин.
Рўйхатдан ўтиш 2025 йилнинг 15 декабр кунидан 2026 йил 10 январь кунига қадар давом этади. Парвоз маълумотларини (arrival deadline) тақдим этиш муддати эса 2026 йил 20 январь куни якунланади.
Рўйхатдан ўтиш ҲКАнинг расмий онлайн тизими орқали амалга оширилади.
Божнурд шаҳри — бой тарихий мерос ва замонавий спорт инфратузилмаси уйғунлашган ҳудуд сифатида иштирокчилар ва меҳмонлар учун муносиб шароитларни таклиф этади. XV Жаҳон чемпионати Кураш тарихида яна бир муҳим босқич бўлиб, спортимизнинг глобал тараққиёти йўлида янги саҳифа очиши шубҳасиз.