Кураш бўйича XV Жаҳон чемпионати Астана шаҳрида ўтказилади
Кураш бўйича XV Жаҳон чемпионати Астана шаҳрида ўтказилади
Жорий йилнинг 31 январ — 5 февраль кунлари Эрон Ислом Республикасининг Божнорд шаҳрида Кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионатини ўтказиш режалаштирилган эди.
Бироқ мамлакатда юзага келган сиёсий вазият сабаб мусобақа қолдирилди.
Энди мазкур нуфузли чемпионатга Қозоғистон Республикасининг пойтахти Астана шаҳри мезбонлик қилади.
Бугун Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигида мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов, Халқаро Кураш ассоциацияси Вице-президенти Зиёвиддин Хўжиниёзов, ИКА Администрацияси раҳбари Мансур Мирзаев ҳамда Қозоғистон Кураш федерацияси президенти Андрей Боргенс иштирок этди.
Учрашув давомида вазир Ербол Мирзабосинов Кураш бугунги кунда жаҳон миқёсида жадал ривожланаётган замонавий спорт турларидан бирига айланганини таъкидлаб, Қозоғистон ушбу чемпионатни энг юқори даражада ўтказиш учун барча имконият ва инфратузилмага эга эканини қайд этди.
Ўз навбатида, Халқаро Кураш ассоциацияси Вице-президенти Зиёвиддин Хўжиниёзов Қозоғистон спортчилари халқаро майдонларда юқори натижаларга эришaётганини алоҳида эътироф этиб, бу мамлакатда спорт соҳасида олиб борилаётган тизимли ва изчил ислоҳотлар самараси эканини таъкидлади.
Кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионати жорий йил июн ойи охирида Астана шаҳрида бўлиб ўтади. Мусобақани юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли ташкилий қўмита тузилиб, тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.