Кураш бўйича XV Осиё чемпионатининг расмий логоси тақдим этилди
XV Осиё чемпионатининг расмий логоси тақдим этилди.
2026 йил 11–15 июн кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказиладиган кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Осиё чемпионатининг расмий логоси тасдиқланди.
Мусобақанинг янги визуал тимсоли миллий қадриятлар, замонавий спорт бренди ҳамда кураш фалсафасини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Логотип марказида кураш ҳаракатини ифодаловчи минималистик шакл жойлашган бўлиб, у Тожикистон Кураш федерациясининг расмий логотипи ҳам ҳисобланади.
Унда спортнинг динамикаси, рақобат ва ҳурмат тамойиллари акс эттирилган.
Шунингдек, композицияда "Ismoil Somoniy" ҳайкалининг рамзий силуэтидан фойдаланилгани чемпионат мезбони Душанбе шаҳрига хос архитектура ва миллий руҳни ифода этади.
Логотипдаги “XV” белгиси чемпионатнинг юбилей мақомини англатса, олтин уйғунлиги мусобақанинг нуфузи, юксак савияси ҳамда Осиё қитъаси спорт ҳамжамияти учун аҳамиятини таъкидлайди.
Мазкур нуфузли қитъа чемпионати Халқаро Кураш ассоциацияси, Осиё Кураш конфедерацияси ҳамда Тожикистон Кураш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Беллашувлар “Dushanbe Tennis Palace and Water Sport Complex” мажмуасида бўлиб ўтади.
Чемпионат доирасида нафақат медаллар учун баҳслар, балки ИКА халқаро ҳакамлар семинари, 1–2 юлдузли ҳакамлик имтиҳонлари, Осиё Кураш конфедерацияси Конгресси ва бошқарув қўмитаси йиғилиши ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
🖥Айни кунларда чемпионат иштирокчиларини рўйхатга олиш давом этмоқда.
KSAга аъзо миллий федерациялар иштирокчиларини “IKA Registration system” орқали рўйхатдан ўтказишлари сўралади.