Aфрика қитъасининг шимолида жойлашган Мауританиа давлатидан келган қирқ бир ёшли мутахассис Ҳадоу Бенкроу кураш спорт турига бўлган қизиқиши, Тошкентда олган лицензияси, қийнаётган муаммолари ҳамда келажакдаги режалари ҳақида Халқаро кураш ассосациясига инглиз тилида интервю берди. Ушбу суҳбат таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
"Йигирма олти йилдан бери дзюдо мусобақаларида иштирок этиб келаман. Дзюдода иккинчидан қора белбоғ соҳибиман ва мураббий сифатида ҳам фаолият юритаман. Ўтган йили кураш билан яқиндан танишган эдим. Баъзи бир мисрлик дўстларимнинг яктак (кураш кийими) кийиб олиб суратга тушганини кўрганимдан кейин бу спорт турига қизиқа бошладим. Дўстларимдан бу спорт тури ҳақида кўпроқ маълумотларни олдим ва ўргандим. Кураш қоидалари ва ҳакамлик тизими ҳақида таълим олганимда кураш бутунлай тушунарли ва менга яқин эканлигини ҳис қилдим.
Курашнинг мени ўзига тортган яна бир бошқа жиҳати шундаки, аёлларга Ислом урф-одатлари қоидаларига мувофиқ тарзда мусобақада иштирок этиш учун руҳсат этилган. Бу спорт турининг моҳияти ҳам гўзал. Курашиш, ўрнидан туриш ҳамда ғалаба қилиш. Бу оддийлик курашнинг устун жиҳатларидан биридир.
Уч ойлик онлайн курслар мен учун жуда ҳам муҳим тажриба бўлди. Ўзбекистондаги ҳқиқий кураш мактаби билан танишиш имконияти бўлгани учун раҳмат. Мамлакатимда курашни амалиёт қилиш учун бир нечта лицензияларга эга бўлдим ва ҳаттоки кураш федерациясидан рўйхатдан ўтдим.
Биласизми, бу йилдан эътиборан ҳаётимни курашга бағишладим. Ҳозирги кунда пойтахт Ноуакчоттда учта ёнма-ён кураш залларимиз мавжуд. Фақат бизга яктаклар ва гиламлар етишмаяпти ҳалос. Чунки бизнинг юртимизда ҳали бундай жиҳозлар ишлаб чиқарилмайди. Ҳозирда кураш билан шуғилланишни хоҳловчилар сони жуда ҳам кўп. Умид қиламанки, Халқаро кураш ассосацияси ҳамда Aфрика кураш бирлашмаси бу муаммоларни ҳал қилишда бизга ёрдам беради.
Aфрикада спортни иқтисодий ҳамда руҳий томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар доим етишмайди, шунинг учун ҳам халқаро ёрдам биз учун жуда ҳам муҳим.
Ўзбекистонда курсни ўқиш давомида курашнинг асл моҳиятини англадим. Эндиги ниятим тўплаган билим ва тажрибаларимни мамлакаримдаги маҳаллий мураббийлар ва ҳакамлар билан бўлишиш. Мақсадим Мауританиада курашни ривожлантириш ҳамда уни янги авлодга таништириш.
Тошкент шаҳри тинч табиати, тозалиги, дўстона ва меҳмондўст одамлари билан ўзига тортди. Aфсуски, бошқа кўплаб ҳудудларга бориш учун вақтим бўлмади, лекин инсонларнинг меҳмондўстлиги менга чуқур таъсир қилди.
Таржимон билан таъминланганим учун машғулотлар давомида ҳеч қандай тил билан боғлиқ муаммоларга дуч келмадим. Ташкилотчиларга ташаккур билдираман",-дейди мутахассис
Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!