Конеру Номзодлар турниридан чиқди: унинг ўрнини Музичук эгаллайди
Ҳампи Конеру FIDE аёллар Номзодлар турнири–2026да иштирок этмаслик ҳақида расман қарор қабул қилди.
“Чуқур ўйлаб, қийин қарорга келдим — турниридан чиқаман. Ҳеч қандай мусобақа шахсий хавфсизлик ва фаровонликдан устун бўла олмайди. Берилган кафолатларга қарамай, ҳозирги вазиятда ўзимни тўлиқ хавфсиз ҳис қилмаяпман”
Унинг сўзларига кўра, бу қарор осон бўлмаган:
“Бу оғир, лекин зарур қарор. Сўнгги ҳафталарда бу масалани яқинларим билан кўп муҳокама қилдим ва вазиятни диққат билан кузатдим. Шундай шароитда ўйнаш менга ноқулай туюлди.”
Конеру, шунингдек, FIDE қарорига ҳам танқид билдирди:
“Мен турнир бошқа муддатга кўчирилади деб умид қилгандим. Бу турнир учун йиллар давомида меҳнат қилдим, лекин бундай вазиятда ўзимни хавф остига қўйишнинг маъноси йўқ.”
FIDE регламентига кўра, унинг ўрнини Анна Музичук эгаллайди. Ташкилотчилар маълум қилишича, қуръа натижалари ўзгаришсиз қолади, фақатгина Музичук Конерунинг ўрнини эгаллайди.
Конеру ҳатто эҳтимолий 10 000 евро жарима ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Агар фақат пул ҳақида ўйласангиз, тўғри қарор қабул қила олмайсиз. Мен учун бу — хавфсизлик масаласи.”