Камондон отиш. Аниқлик, анъаналар ва ёшлар ҳақида
Ёш авлод ўртасида камондон отиш спорт турини оммалаштириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари Камондон отиш федерацияси билан ҳамкорликда таълим муассасалари, спорт марказлари ва ҳарбий қисмларда маҳорат дарсларини ташкил этмоқда.
Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари томонидан “Юксалиш” мактаби тарбияланувчилари учун фаол дам олиш машғулотлари ўтказилди. Камондон отиш бўйича маҳорат дарсларини спорт усталари ва малакаси юқори спортчилар олиб бориб, улар отиш техникаси ҳамда аниқлик асосларини амалий тарзда намойиш этдилар.
Наманган вилоятида эса Миллий гвардия бошқармаси офицерлари Давлатобод туманида жойлашган 56-мактбнинг камондон отиш майдончасида Наманган давлат университети талабалари учун маҳорат дарсини ташкил этдилар. Тадбир иштирокчилари ушбу спорт турининг тарихи ва ривожланиши ҳақида батафсил маълумот олдилар ҳамда амалий машғулотларда ўз кучларини синаб кўриш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, Жиззах вилоятида ҳам шунга ўхшаш тадбир бўлиб ўтди. Миллий гвардия бошқармасида ташкил этилган маҳорат дарсида ҳарбий хизматчилар иштирок этиб, уларга камондон отишнинг нозик жиҳатлари, нишонга олиш ва ўқ отиш қоидалари тушунтирилди. Машғулотларнинг амалий қисмида эса муддатли ҳарбий хизматчилар катта қизиқиш билан қатнашдилар.
Бундай маҳорат дарслари ёшлар орасида спортга бўлган қизиқишни ошириб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, келгусида юртимиз шарафини нуфузли спорт майдонларида муносиб ҳимоя қила оладиган иқтидорли камондон отувчиларни аниқлашга ҳам замин яратмоқда.