Камондан отиш. Ўқувчи ёшлар учун маҳорат дарси ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган қадимий камондан отиш спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш ҳамда миллий терма жамоамиз сафига маҳоратли спортчиларни саралаб олиш мақсадида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят спорт бошқармаси ҳамкорлигида ёшларни қадимий спорт турларимиздан бири бўлган камондан отиш тарихи билан яқиндан таништириш, уларни спортга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Жасорат мактаби ўқувчилари учун маҳорат дарси ташкил этилди.
Машғулот давомида мураббийлар томонидан мазкур спорт тури ҳақида батафсил маълумот берилиб, ушбу спорт турининг сир-асрорлари, мўлжалга олиш, отиш тартиблари хусусида тушунчалар берилди ҳамда уларнинг амалий кўникмалари оширилди.
Бу каби маҳорат дарсларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларимиз орасида камондан отиш спорт турини кенг оммалаштириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдир.