Камондан отиш спортни ривожлантириш ва ёшлар орасида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда
Камондан отиш спортни ривожлантириш ва ёшлар орасида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида камондан отиш спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш, ёшлар ўртасида спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича фаол ишлар давом этмоқда. Ушбу фаолият тизимли ва мунтазам равишда Ўзбекистон камондан отиш федерацияси ҳамда Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Хива шаҳрида гвардиячилар ва ёшлар иштирокида камондан отиш бўйича маҳорат дарси ташкил этилди. Дарс давомида мутахассислар хавфсизлик қоидаларига риоя этиш бўйича амалий кўрсатмалар беришди. Сўнгра иштирокчилар ўз билимларини амалиётда синаб кўриш имконига эга бўлишди. Мазкур тадбир ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, ватанпарварлик ва жасорат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.
Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида, 15-сонли “Жасорат мактаби”да камондан отиш бўйича тўгарак очилди. Тўгаракнинг асосий мақсади — ўқувчиларни спортга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириш ва ёшлар орасида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашдир. Тадбирда ўқувчиларга ушбу спорт тури ҳақида маълумот берилиб, уларнинг камондан отишга бўлган қизиқишини янада оширди.
Жиззах вилоятида эса камондан отиш бўйича мусобақа ўтказилди. Тадбир Жиззах ҳарбий прокуратураси ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда талаба ёшлар ҳамда Миллий гвардияга бириктирилган, оталиққа олинган ёшлар иштирок этдилар. Мусобақа аввалида сўзга чиққанлар ушбу спорт турининг тарихи, бугунги ютуқлар ҳақида гапириб, иштирокчиларга омад тиладилар.
Мусобақа якунларига кўра:
биринчи ўринни — Жиззах давлат политехника институти,
иккинчи ўринни — Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали,
учинчи ўринни эса Жиззах давлат педагогика университети талабалари қўлга киритдилар.
Ғолиб ва совриндорлар бошқарма раҳбари томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон камондан отиш федерацияси ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ўтказилаётган бу каби тадбирлар ёшлар билан олиб борилаётган тарбиявий ва спорт ишларининг муҳим қисмига айланмоқда. Улар нафақат ушбу спорт турини ривожлантиришга, балки ёш авлод орасида ватанпарварлик, интизом, иродалилик ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.