Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Даккада ўтказилаётган 24-Осиё чемпионатида илк бор совринли ўринларни қўлга киритди
Бангладешнинг Дакка шаҳрида бўлиб ўтган 24-Осиё чемпионатида юртимиз камончилари тарихий ютуққа эришиб, юқори профессионаллик, матонат ва ғалабага бўлган қатъиятини ёрқин намоён этдилар.
Аралаш жуфтлик баҳсларида Париж Олимпиадаси иштирокчилари — Амирхон Содиқов ва Зиёда Абдусатторова ажойиб натижа қайд этдилар. Улар кескин кечган ярим финалда амалдаги Париж-2024 Олимпия чемпионлари — Жанубий Корея жамоасини мағлуб этиб, Ўзбекистон камондан отиш тарихида мислсиз саҳифани очдилар. Бу ғалаба жамоамизнинг дунёнинг етакчи терма жамоалари билан тенгма-тенг беллаша олишини исботлади.
Финал баҳсида эса Ўзбекистон дуэти Хитой Тайбэйи терма жамоаси билан куч синашиб, 6:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Шунга қарамай, улар мамлакатимиз тарихида илк бор аралаш жуфтлик йўналишида Осиё чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлдилар.
Мусобақанинг яна бир тарихий онлари эркаклар терма жамоасига насиб этди — улар илк бор бронза медалини қўлга киритдилар. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда вакилларимиз қатъият ва ишонч билан Қозоғистон жамоасини мағлуб этдилар.
Аёллар терма жамоаси ҳам муносиб иштирок этиб, катта ирода ва маҳорат кўрсатди. Улар бронза медали учун баҳсда Малайзия терма жамоасига имкониятни бой бериб, умумий ҳисобда тўртинчи ўринни эгалладилар.
Даккадаги муваффақиятлар терма жамоамиз учун муҳим босқич бўлиб, спортчиларимизга 2028-йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари учун зарур рейтинг очколарини тақдим этди.
Ўзбекистон Камондан отиш федерацияси Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитасига спортчиларни қўллаб-қувватлаб келаётгани, эътибор ва яратилаётган кенг имкониятлар учун самимий миннатдорлик билдиради.
Спортчилар, мураббийлар ва давлат ташкилотларининг бир ёқадан бош чиқариб ишлаши туфайли Ўзбекистон халқаро аренда тобора янги марраларни забт этмоқда.