Камондан отиш бўйича маҳорат дарслари: фойдали дам олиш ва спорт тарбияси
Юртимизнинг барча ҳудудларида ёшлар ўртасида камондан отиш спортни оммалаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Камондан отиш федерацияси билан ҳамкорликда Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари томонидан ёшларни спортга жалб этиш, уларнинг соғлом турмуш тарзига қизиқишини ошириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Хусусан, Сирдарё вилоятида Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида “Жасорат мактаби” ўқувчилари ва маҳаллий ёшлар учун амалий машғулотлар ташкил этилди. Унда иштирокчилар камондан отиш техникаси, нишонга олиш асослари ҳамда жиҳозлардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари билан батафсил таништирилди.
Тошкент вилоятида эса бундай машғулотлар маҳаллалар ва таълим муассасаларида мунтазам ўтказилмоқда. Гвардиячилар ҳамда Федерация мураббийлари болаларга ушбу спорт тури, унинг тарихи ва асослари ҳақида тушунчалар беришмоқда.
Сурхондарё вилоятида ушбу ташаббусга 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 90 нафардан ортиқ “Жасорат мактаби” ўқувчилари жалб этилди. Тажрибали мураббийлар ва гвардиячилар раҳбарлигида ўтказилган машғулотларда болалар нишонга олиш ва камондан отишнинг илк кўникмаларига эга бўлишди. Шунингдек, улар ушбу спорт тури билан боғлиқ одоб-ахлоқ ва маданият билан ҳам танишдилар.
Мазкур ташаббус ёшларда спортга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг жисмоний фаоллигини таъминлаш ва фойдали дам олишларини ташкил этишда муҳим ўрин тутмоқда.