ITA ва Оғир Атлетика Федерацияси ҳамкорлигида вебинар: “Допингга қарши кураш”
Халқаро тестлаш маркази (ITA) ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида “Допингга қарши кураш” мавзусида вебинар ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилди.
Вебинарда вилоят ва миллий терма жамоаларнинг 70 нафардан ортиқ спортчилари ҳамда уларнинг мураббийлари иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети “Оғир атлетика ва от спорти” кафедраси мудири Ҳакимов Ҳамро ва университет профессор-ўқитувчилари ҳам тадбирда қатнашди. Машғулотлар анъанавий шакл билан бир қаторда Zoom платформаси орқали онлайн тарзда ҳам бўлиб ўтди.
Вебинар давомида иштирокчиларга допингга қарши кураш соҳасидаги асосий тушунчалар ва амалий билимлар етказилди. Жумладан, спортда қатъий масъулият принципи тушунтирилиб, допингга оид 11 та асосий қоидабузарлик (ADRV) ва уларнинг кимларга тааллуқли эканлиги кенг муҳокама қилинди.
Шунингдек, спортчилар дори-дармонлар ва биологик қўшимчаларни текшириш жараёнида қўллаб-қувватлаш, қўшимча воситалар билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳамда допинг қўлланишининг ҳуқуқий ва спорт фаолиятига салбий таъсири ҳақида батафсил маълумот олди.
Спортчиларнинг ўрганган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида сўровнома ва савол-жавоб сессияси ҳам ташкил этилди.
Бундан ташқари, фаол хабар бериш (proactive reporting)нинг роли ва аҳамияти, шубҳали ҳолатлар юзага келганда қаерга мурожаат қилиш ва кимдан маслаҳат олиш мумкинлиги бўйича аниқ йўриқномалар тақдим этилди. Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди ва допингга қарши маданиятни шакллантириш спортчилар ва мураббийларнинг устувор вазифаси экани алоҳида таъкидланди.