Истанбул шаҳрида камондан отиш бўйича йирик халқаро турнир бўлиб ўтмоқда
3–7 июн кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳар йили дунёнинг кучли спортчиларини жамлайдиган 14-халқаро “Fetih Kupası (Conquest Cup) 2026” турнири бўлиб ўтмоқда. Жорий йилда мусобақада 51 давлатдан 700 нафардан ортиқ спортчи иштирок этмоқда. Турнир классик, блокли ва анъанавий камон йўналишларида ташкил этилган.
Ўзбекистон Tentpegging, жигитовка, от устида ва анъанавий камондан отиш федерацияси номидан мусобақада Амина Ахмаджанова иштирок этмоқда.
Турнир доирасида Амина Ахмаджанова Буюк Британия от устида камондан отиш федерацияси раҳбари Жамила Би ҳамда Индонезиядаги анъанавий камон ишлаб чиқариш “BettonBow” базаси раҳбари, Қозоғистон анъанавий камондан отиш федерацияси вице-президенти Диас Ахмедов ҳамда WTAF (дунё анъанавий камондан отиш федерацияси) президенти Жунгдон Ким ва федерация бош котиби Зафер Метин Атеш билан учрашди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳам tentpegging, жигитовка, от устида камондан отиш ва анъанавий камондан отиш йўналишлари изчил ривожланиб бормоқда. Маҳаллий спортчиларнинг халқаро мусобақалардаги иштироки ушбу спорт турларини оммалаштириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишга хизмат қилади ҳамда мамлакатимизда миллий от спорти турлари ва камондан отиш йўналишларини янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.