Ислом Махачев Атлантика океанида акула тутди
UFC’нинг ярим оғир вазн тоифасидаги амалдаги чемпион Ислом Махачев Атлантика океани соҳилида балиқ овлаш вақтида акула тутди. 34 ёшли россиялик жангчи бу ҳақдаги видеони ўзининг Telegram каналида эълон қилди.
Махачев видеога қисқа изоҳ қолдириб, акулани тутиш осон бўлмаганини таъкидлади. Жангчи сўнгги кунларда балиқ овлаш орқали машғулотлардан ташқари вақтда ҳордиқ чиқараётганини ҳам кўрсатмоқда.
Айни пайтда Ислом UFC’да кетма-кет 16 та ғалабадан иборат серияни давом эттирмоқда. Унинг профессионал фаолиятида жами 28 та ғалаба ва битта мағлубият мавжуд. Сўнгги жангида Махачев UFC 322 турнирида Жек Делла Маддаленани ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб этиб, ярим оғир вазн чемпионлик камарини қўлга киритган.
Махачев навбатдаги жангида UFC 330 турнирида иштирок этади. У ярим оғир вазн рейтингида биринчи ўринда турган ирландиялик Иан Гарри билан тўқнаш келади. Мазкур турнир АҚШнинг Филаделфия шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.