Икки терма жамоа - ягона ғалаба! Осиё чемпионатида 32 та медал!
Индонезияда ўтказилган кадетлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси 32 та медал, жумладан, 15 та олтин медал қўлга киритди. Бу эса мамлакатиимизнинг Осиё дзюдосидаги етакчи мавқеининг ёрқин тасдиғи бўлди.
Спортчи ва мураббийларга ташаккурнома ҳамда пул мукофотларини Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, раиси ўринбосари Зафар Қаҳрамонов топширди.
Маросимда сўзга чиққан Азизжон Камилов эришилган ғалабалар имкониятларнинг чегараси эмаслигини таъкидлади: "Нафақат Осиёда етакчиликни сақлаб қолиш, балки жаҳон дзюдоси чўққиларига интилиш керак. Кадетлар ва ёшлар - миллий терма жамоанинг эртаси, ўзбек дзюдосининг келажаги айнан уларнинг матонати, интизоми ва меҳнатсеварлигига боғлиқ."
Федерация раҳбари спортчиларимизга Перуда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этишларини тилаб, мураббийлар жамоасига фидокорона меҳнатлари учун алоҳида миннатдорлик билдирди.