IKA вице-президенти Centro Caribe Sports Бош Ассамблеясида иштирок этмоқда
24 июль куни Санто-Доминго шаҳрида старт оладиган ва 8 августга қадар давом этадиган XXV Марказий Америка ва Кариб денгизи ўйинлари олдидан Centro Caribe Sports Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди. Йирик спорт форумида Олимпия ҳаракати ва қитъа спорт ташкилотлари раҳбарлари иштирок этиб, кун тартибидаги қатор стратегик масалаларни муҳокама қилдилар.
Бош Ассамблея давомида Centro Caribe Sports Президенти, Халқаро Олимпия Қўмитаси (XOҚ) аъзоси Луис Мехия Овьедо йиғилиш иштирокчиларига Халқаро Кураш ассоциацияси вице-президенти, Панамерика Кураш иттифоқи Президенти Хайме Касанова Мартинесни таништирди. Шунингдек, йиғилишда Халқаро Кураш ассоциацияси Президенти Зиёвиддин Хожиниёзовнинг Санто-Доминго шаҳрига ташрифи режалаштирилаётгани ҳам эълон қилинди. Ташриф давомида Зиёвиддин Хожиниёзов XXV Марказий Америка ва Кариб денгизи ўйинлари доирасида ташкил этиладиган қатор расмий тадбирлар ҳамда учрашувларда иштирок этиши маълум қилинди.
Бош Ассамблея кун тартибидан ташкилот комиссияларининг ҳисоботлари, молиявий ҳисобот, ўйинларга тайёргарлик жараёнлари, спорт иншоотларининг ҳолати ҳамда Centro Caribe Sports фаолиятининг устувор йўналишлари юзасидан муҳокамалар ўрин олди.
Тадбирда Panam Sports Президенти, XOҚ аъзоси Невен Илич, «Santo Domingo 2026» Ташкилий қўмитаси Президенти Хосе Монегро, миллий олимпия қўмиталари раҳбарлари, халқаро ва қитъавий спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Халқаро Кураш ассоциацияси раҳбариятининг мазкур нуфузли тадбирдаги иштироки кураш спорт турининг Америка минтақасидаги позицияларини янада мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда спорт дипломатиясини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.