III Осиё ўйинларига отланган кадетларимиз ҳамда уларнинг ота-оналари билан уч томонлама шартнома имзоланди
Ўзбекистон дзюдо федерациясида Баҳрайнда ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган кадетларимиз, терма жамоа бош мураббийи, дзюдочиларнинг шахсий мураббийлари ҳамда уларнинг ота-оналари билан учрашув ташкил этилди.
Унда Федерация раиси ўринбосари Ксения Гулямова сўзга чиқиб, кадетларимиз олдида турган мусобақанинг масъулияти, ижобий натижа қайд этиш учун давлатимиз ва федерация томонидан барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.
Терма жамоаларимиз шифокори Азиз Қаюмов эса бугунги кунда энг долзарб бўлиб турган допинг масаласида атрофлича тушунтириш берди. Шунингдек, шифокоримиз дзюдочиларнинг вазн ташлаш жараёнига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бу борада керакли кўрсатмаларни берди. Орттиқча вазн сабаб халқаро мусобақаларда иштирок эта олмаган дзюдочиларимиз билан боғлиқ ҳолатлар танқид остига олинди.
Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш мақсадида уч томонлама — Федерация, ота-оналар ва дзюдочилар иштирокида шартнома имзоланди. Унга кўра, допинг, вазн ва тартиб-интизомга амал қилиш, мактаб дарсларини қолдирмаслик, умуман олганда ҳужжатдаги барча талабларга риоя этиш қонунлаштириб қўйилди. Шартнома бандлари бузилган ҳолатда молиявий жарима қўлланилади.