Хотамбек Бойназаров жанговор каратэда дебют қилади — рақиби Хабиб жамоасидан
2 май куни Дубайда (БАА) Karate Combat 54 турнири бўлиб ўтади. Кечанинг марказий жангида собиқ UFC жангчиси Сэм Элви ва профессионал боксчи Тайрон Санг оғир вазндаги чемпионлик камарини қўлга киритиш учун тўқнаш келади. Ко-марказий жангда эса яна бир собиқ UFC жангчиси Муҳаммад Мўқаев қозоғистонлик Болат Заманбековга қарши октагонга чиқади.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Хотамбек Бойназаровнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратилмоқда. У жанговор каратэ қоидалари бўйича россиялик Сайгид Изагахмаевга қарши жанг қилади. Изагахмаев — Хабиб Нурмагомедов жамоаси вакилларидан бири.
Ушбу тўқнашув ҳар икки спортчи учун жанговор каратэдаги илк синов бўлади. Бойназаров аввал 10 та ММА жанг ўтказган ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган. Изагахмаев эса профессионал фаолиятида 22 та ғалаба ва фақат 2 та мағлубият қайд этган.