locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Хосе Мария Мендес – Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи

У 22 ёшида ўйинчилик фаолиятини якунлаб, мураббийлик фаолиятини бошлайди.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Хосе Мария Мендес – Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи
Фото: Ўзбекистон футзали

Испаниялик таниқли футзал мутахассиси Хосе Мария Мендес Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди. Ўзбекистон футзал федерацияси ҳамда мураббий ўртасида икки йиллик шартнома имзоланди.

Мендес мамлакатимиз футзал ишқибозларига яхши таниш. У муқаддам икки бор Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган: дастлаб 2011–2012 йилларда, сўнг 2014–2017 йилларда. Унинг раҳбарлиги остида терма жамоамиз Осиё чемпионатида 2014 йилда бронза, 2016 йилда эса кумуш медални қўлга киритган.

52 ёшли Хосе Мария Пасос Мендес — Пулпис 1974 йил 28 март куни Испаниянинг Луго шаҳрида таваллуд топган. Футзалчилик фаолиятини ўзининг қадрдон шаҳри жамоалари — «Луго» ҳамда «Аутос Лобелле» клубларида дарвозабон сифатида бошлаган.

1996 йилда клуб раҳбарияти бош мураббийни истеъфога чиқаргач, ушбу лавозим Мендесга таклиф этилади. Шу тариқа у 22 ёшида ўйинчилик фаолиятини якунлаб, мураббийлик фаолиятини бошлайди.

Икки йиллик фаолиятдан сўнг у бошқа клублардан таклифлар олади ва «Мелилья», «Кафе Канделас Луго», «Валенсия», Хорватиянинг «Оркан», шунингдек «Барсел» жамоаларида ишлайди.

2008–2009 йилларда Таиланд, 2010 йилда эса Вьетнам миллий терма жамоасини бошқарган. Шундан сўнг унинг Ўзбекистон билан боғлиқ фаолияти бошланган. Миллий терма жамоамиздан ташқари, 2016–2017 йилларда мамлакат чемпиони «Ардус» клубида ҳам фаолият юритган. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига асос солиб, қатор иқтидорли футзалчиларни кашф этган.

2019–2026 йиллар давомида у яна Таиландда фаолият олиб борди. Мураббий сифатида икки карра Осиё кубоги вице-чемпиони, бронза медали совриндори, шунингдек клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда Осиё кубоги эгалари кубоги ғолиби бўлган.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг