«Хоразм» футзал клуби ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган
XXX миллий чемпионатида дебют мавсумига тайёрланаётган “Хоразм” жамоаси иккинчи ҳафтадан бери машғулотларни Жиззах шаҳридаги Вилоят футбол академияси спорт залида ўтказмоқда.
Жамоа бошқаруви кўп карра Ўзбекистон чемпиони, тажрибали мураббий Александр Петров қўлига ўтгач, клуб олдига қўйилган вазифалар ҳам янада улканлашди. Гарчи “Хоразм” Олий лигага кўп йиллик танаффусдан сўнг энди йўлланма олган бўлса-да, клуб раҳбарияти биринчи мавсумнинг ўзидаёқ совриндорлар сафидан ўрин эгаллашни мақсад қилган. Бунинг учун мураббийлар штаби ва футболчиларга барча зарур шароитлар яратилмоқда.
— Жамоамиз сафига Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, ўтган мавсум тўпурари Элбек Тўлқиновни таклиф этдик. У укаси Аширбек Тўлқинов билан бирга Индонезия чемпионатидан йиғинга келиб қўшилди.
Айни пайтда тажрибали мутахассис Александр Геннадевич раҳбарлигидаги йиғинларда 2025/2026-йилги мавсумнинг энг яхши дарвозабони Акмал Ҳазратқулов, кўп карра Ўзбекистон чемпиони Муаззафар Ахаджонов, сўнгги икки мавсум рамзий терма жамоасига киритилган Беҳруз Самиев, шунингдек, ўтган мавсум “Қизилқум” сафида тўп сурган бразилиялик Энрике де Соуза иштирок этмоқда.
Шу билан бирга, эронлик тажрибали футзалчилар билан ҳам музокаралар олиб бораяпмиз. Агар келишувлар муваффақиятли якуналанса, мухлисларимиз яқин вақт ичида Эроннинг маҳоратли ўйинчиларини ҳам “Хоразм” либосида кўришади, — дейди клуб директори Миржалол Қурбонов.
Эътиборли жиҳати, жамоани ўтган мавсум Биринчи лигада Олий лигага олиб чиққан таркибнинг асосий қисми ҳам сақлаб қолинган. Янги трансферлар ва тажрибали мураббий билан бирга “Хоразм”нинг янги мавсумда жиддий мақсадлар учун курашиши кутилмоқда.