Хитой Тайпеида Кураш ривожи муҳокама қилинди
Бугун Хитой Тайпеи Миллий Олимпия қўмитаси бош қароргоҳида Халқаро Кураш Ассоциацияси (ИКА) вакиллари билан Хитой Тайпеи спорт раҳбарлари ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Хитой Тайпеи Олимпия қўмитаси президенти жаноб Эрик Лин, Бош котиб Ли Со Сю, Хитой Тайпеи Кураш федерацияси Президенти Вики Чанг ва Бош котиб Жени Чанг, шунингдек, ИКА бош котиби Муҳаммад Ризо Насcири ва ИКА администрацияси раҳбари Мансур Мирзаев иштирок этдилар.
Учрашув давомида Хитой Тайпеи Кураш федерациясининг ривожланиш истиқболлари ва сўнгги ютуқлари муҳокама қилинди. МОҚ президенти жаноб Олим Равшанов ва жаноб Аброp Жабборовларнинг Хитой Тайпеидә мураббий сифатида фаолият юритишида ИКА кўмагини алоҳида эътироф этди.
Жаноб Эрик Линнинг таъкидлашича, Ўзбек мураббийларининг фаолияти мамлакат курашчилари даражасини янада оширишга ёрдам беради.
ИКА бош котиби Муҳаммад Ризо Насcири ўз нутқида Хитой Тайпеининг спорт салоҳияти ортиб бораётганини қайд этди:
“Ҳозирда Хитой Тайпеидә Кураш бўйича икки вазн тоифасида жуда кучли полвонлар етишиb чиқмоқда. Бу нафақат Хитой Тайпеи учун, балки бошқа мамлакатлар учун ҳам жиддий рақобатни юзага келтиради. Эндиликда медаллар учун Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон, Қозоғистон қаторида Хитой Тайпеи ҳам асосий даъвогар сифатида майдонга чиқмоқда.”
Шунингдек, томонлар 2027-йилда Кураш бўйича жаҳон чемпионатини Хитой Тайпеидә ўтказиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Хитой Тайпеи вакиллари бу катта ютуқ эканлигини маълум қилди. Тегишли рухсат берилса, мазкур йирик мусобақани ўз юртларида ўтказишга тайёр эканликларини билдирдилар.