Халқаро кураш институтида курснинг якуний босқичи ва \"Kurash Today\" илмий-амалий журнали муҳокама қилинди
Хабар берганимиздек, Кураш мутахассислиги бўйича Уч ойлик онлайн курснинг 4-гуруҳи учун бир ҳафталик интенсив амалий машғулотлар ва якуний имтиҳонлар яқинлашмоқда.
Шу муносабат билан, кеча Халқаро кураш институтининг Тошкент шаҳар Олимпия шаҳарчасидаги янги биносида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Мажлисга институт ректори Ҳабибулла Таджиев раислик қилди. Унда институтнинг барча масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси Бош котиби Ризо Насири ва Халқаро кураш ассоциацияси Администрация раҳбари Мансур Мирзаев иштирок этди.
Муҳокама қилинган асосий масалалар, хусусан, 23-29 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган якуний амалий босқичга тайёргарлик, жумладан, ташкилий ишлар, назарий ва амалий машғулотлар, логистика ва хавфсизлик чоралари муҳокама қилинди.
Синов босқичи Халқаро кураш ассоциацияси ва Халқаро кураш институтининг тажрибали экспертларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.
Мажлисда "Kurash Today" илмий-амалий журнали ҳайъат аъзоларини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур журнал кураш спортинг илмий-услубий асосларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.