Халқаро ҳакамлик курси амалиётий босқичи Ангрэнда ташкил этилди
Халқаро ҳакамлик курси амалиётий босқичи Ангрэнда ташкил этилди.
Халқаро кураш институти томонидан халқаро тоифадаги ҳакамлар малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган халқаро ҳакамлик курси ўзининг энг муҳим босқичларидан бири — амалиёт машғулотлари бўлиб ўтди.
Курс дастурининг мантиқий давоми сифатида бугун Ангрен шаҳридаги “Дукент” спорт базасида Кураш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокида махсус синов мусобақалари ташкил этилди.
Мусобақада ИКА Техник директори Рави Капур, Администрация раҳбари Мансур Мирзаев, спорт қўмитаси аъзоси Жуан Дайе Ви, ИКИ Профессори Ким Ёур Жонг ва Ўзбекистон Кураш федерацияси вакиллари иштирок этди.
Мазкур беллашувлар халқаро ҳакамлар учун ўзига хос амалиёт майдони вазифасини ўтади. Курс иштирокчилари баҳсларни бевосита бошқариб, баҳолаш, қарор қабул қилиш ва баҳсли вазиятларни ҳал этиш бўйича назарий билимларини амалиётда синовдан ўтказдилар.
Машғулотлар давомида халқаро экспертлар томонидан ҳар бир ҳакамнинг фаолияти таҳлил қилиниб, беллашувларни бошқаришдаги муҳим жиҳатлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида курс иштирокчилари Халқаро Кураш Ассоциацияси штаб-квартирасига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида улар Халқаро Кураш музейи фаолияти билан яқиндан танишиб, курашнинг кўп асрлик тарихи, халқаро майдонда босиб ўтган тараққиёт йўли ҳамда спорт турининг бугунги ривожланиш босқичлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Мазкур амалиёт босқичи халқаро ҳакамларнинг касбий маҳоратини янада мустаҳкамлаш, ягона ҳакамлик стандартларини шакллантириш ва нуфузли халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро семинар ўз ишини якунлади.