Халқ ўйинларини ривожлантириш масалаларига бағишланган экспертлар йиғилиши ўтказилди
“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида халқ ўйинларини ривожлантириш масалаларига бағишланган экспертлар йиғилиши ўтказилди
Тадбир олдидан ўзбек жанг санъати, турон яккакураши, кураш, камондан отиш, белбоғли кураш спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича кўргазмали чиқишлар ташкил этилди.
Йиғилишда партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия фанӣ доирасида халқ ўйинларини кенг жорий этиш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини тиклаш ҳамда “Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилинишига эришиш бўйича бир қатор вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда партиянинг Марказий кенгаши раиси ўринбосари (Хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича) Фирўза Мухамеджанова, Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Умид Жўраев ҳамда масъул федерация ва ассоциация вакиллари иштирок этди.
Экспертлар йиғилишида халқ ўйинларини таълим тизимига интеграция қилиш, уларнинг илмий-методик асосларини ишлаб чиқиш, ҳудудий хусусиятларни инобатга олган ҳолда ривожлантириш, шунингдек, дарсликлар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар билдирилди.