Гулистонда “Беш ташаббус” олимпиадасининг республика финал босқичи старт олди
17-ноябр куни Гулистон давлат университети Марказий стадионида ёшларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириш, талабалар ўртасида спорт муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларининг республика финал босқичи бошланди.
Мусобақалар 17–20-ноябрь кунлари давомида Гулистон давлат университети, шаҳардаги бошқа олий таълим муассасалари ҳамда замонавий спорт иншоотларида ўтказилади. Бу йилги финал босқич мамлакат бўйлаб сараланган, ўз йўналиши бўйича пешқадам бўлган 700 нафарга яқин иқтидорли ва фаол талаба-ёшларни бир майдонга жамлади.
Очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, бир қатор мутасадди идоралар раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, спорт мураббийлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Маросимни Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимуов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икромов ва Гулистон давлат университети ректори Мухсин Ҳожиев кириш сўзлари билан очиб бердилар.
Сўзга чиққанлар мамлакатимиз раҳбари томонидан ёшлар тарбияси, уларда ватандошлик, жисмоний баркамоллик ва фаол ҳаётий позицияни шакллантириш масаласи ҳар доим устувор вазифа сифатида қайд этилаётганини алоҳида таъкидладилар. Шу муносабат билан мусобақа иштирокчиларига юқори натижалар, мураббийларга эса куч-ғайрат ва муваффақият тилашди.
Финал босқичда спортчи-талабалар қуйидаги турлар бўйича беллашмоқда:
- мини-футбол
- волейбол
- енгил атлетика
- стол тенниси
- стритбол
Мусобақаларнинг асосий мақсади – ёшларни жисмоний ва руҳий жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларнинг иқтидор ва имкониятларини кенг намоён этиш, ҳамжиҳатлик ва ватандошлик туйғусини кучайтиришдир.
Сўнгги йилларда юртимизда спортни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасаларида замонавий спорт иншоотлари барпо этилмоқда, инвентар ва тренажёрлар янгиланмоқда, спорт клублари фаолияти кенгаймоқда, ҳар бир олийгоҳда 26 та олимпиада спорти йўналиши бўйича 3 тадан спорт клублари ташкил этилди, 721 та спорт секцияси тўлиқ фаолият юритмоқда.
Шунингдек, талабалар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида “Универсиада”, “Талабалар лигаси”, “Ректор кубоги”, “Талаба югур” каби мусобақалар йил давомида икки мавсумда мунтазам ўтказиб борилмоқда.
“Беш ташаббус” олимпиадаси нафақат олий таълим муассасаларида, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам соғлом турмуш тарзига бўлган муносабатни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Дастлабки босқичларда 168 та олий таълим муассасасидан 465 мингдан ортиқ талаба, 345 мингга яқин касбий таълим муассасалари ўқувчилари мусобақа жараёнларига қамраб олинди. Бу эса ёшлар орасида спортга бўлган қизиқишнинг юксак эканини ва ташаббуснинг самарали ишлаётганини кўрсатади.
Гулистонда старт олган “Беш ташаббус” олимпиадасининг республика финал босқичи ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллиги ва жисмоний тайёргарлигини ошириш, ватандош ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.