Гандбол. Тошкентда халқаро ҳакамлар ўқув курслари бошланди
Бугун Ўзбекистон гандбол федерациясида Осиё гандбол федерацияси (AHF) шафелигида қитъамиз ҳакамларининг ўқув курси бошланди.

Унда етти давлатнинг 20 нафардан ошиқ гандбол ҳаками AHF ҳакамлар қўмитаси раиси жаноб Салех Бин Ашур (Бирлашган Aраб Aмирликлари) бошчилигида малакасини янада оширишга киришди.
Таъкидлаш жоиз, AHF ушбу халқаро ўқув курсини ўтказишни мамлакатига ишониб топширишининг ўзига хос сабаблари бор. Зеро, кейинги йилларда юртимизда гандбол бўйича жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақалар юқори савияда уюштирилмоқда. Турли ёш тоифасидаги жамоаларимиз эса совринли ўринларни эгалламоқда. Қолаверса, ҳакамларимиз нуфузли халқаро мусобақалар учрашувларини юксак даражада бошқаришмоқда. Табиийки, булар Халқаро ва Осиё гандбол федерацияси эътирофига сазовор бўлмоқда.