Футзал. Олий лиганинг сўнгги – 12-тур баҳслари Тошкентда бўлиб ўтади
Футзал бўйича мамлакат миллий чемпионати — Олий лиганинг 2025/2026-йилги мавсуми охирги тур ўйинлари муддати ва манзилига аниқлик киритилди. 12-тур баҳслари жорий йилнинг 23-28-май кунлари пойтахтимиз – Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
12-турда ҳам мухлислар бир қатор қизиқарли учрашувларнинг шоҳиди бўлиши кутилмоқда. Биринчи навбатда мамлакат вице-чемпионлиги учун муросасиз рақобат томошабинлар диққат марказида бўлиши аниқ. Айни пайтда Бухоронинг “Oil Star” жамоаси Лига дебютанти – СҚБ жамоасидан 3 очко олдинда бормоқда. Аммо бухороликларни сўнгги турда жуда қийин ўйинлар кутмоқда. Шу маънода совринли ўринлар интригаси ишқибозларни охирги ўйин кунига қадар ҳайжонда ушлаб туриши шубҳасиз.
Яна бир воқеийлик, бу турда XXIX миллий чемпионатимизнинг 1100-голи киритилиши кутилмоқда. Ҳозирга келиб, Олий лига жамоалари дарвозаларга 1053 та тўп киритишган. Кўрамиз, навбатдаги юбилей голи кимга насиб этадикан?
Чемпионатнинг сўнгги учрашувидан кейин ғолиб ҳамда совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Ўзбекистон футзал федерацияси чемпионат лауреатларига ҳам махсус совринлар таьсис этган. Хуллас, бир сўз билан айтганда олдинда бизни бир ҳафталик мароқли ўйинлар ва ранг-баранг воқеийликлар кутмоқда. Шундай экан, 23-28-май кунлари “Юнусобод” спорт мажмуасига келинг ва футзалнинг унутиш мумкин бўлмаган лаҳзаларининг гувоҳига айланинг.