Футзал бўйича Ислом Бирдамлиги ўйинларида бугун медаллар тақсимланади
Саудия Арабистонининг пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган ВИ Ислом Бирдамлиги ўйинлари футзал мусобақалари бугун якунига етади. Дастлаб бронза медали учун баҳс ўтказилса, кун сўнгида мусобақанинг финал учрашуви бўлиб ўтади.
Бу йил биринчи марта Ислом Бирдамлиги ўйинлари дастурига киритилган футзал мусобақаларида нафақат мусулмон мамлакатларнинг, балки жаҳон футзалининг кучли жамоалари иштирок этганлиги турнирга бўлган қизиқишни ўн чандон оширди. Дунё рейтингининг биринчи ўнталигида жойлашган терма жамоалар — Эрон (6-ўрин) ва Марокаш (9-ўрин) терма жамоаларининг қатнашгани бунинг яққол далилидир. Шунингдек, мусобақанинг финалига ҳам айнан ушбу икки жамоанинг чиқиши бежиз эмас.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига эса Ярим финалда омад етишмади. Нодир Элибоев шогирдлари Осиёнинг энг кучли жамоаси — Эрон терма жамоасига қарши тенгма-тенг курашди. Аммо сўнгги дақиқаларда бироз эҳтиёцизлик оқибатида имконият бой берилди.
Бугун ҳамюртларимиз бронза медали учун майдонга чиқишади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкент вақти билан соат 18:00 да мусобақа мезбонлари — Саудия Арабистони футзалчиларига қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, бу жамоалар гуруҳ босқичининг 1-турида ҳам ўзаро тўқнаш келишган ва ўша учрашувда Ўзбекистон 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди.