Футзал. Андижон футзали шонли анъаналарини тиклайди!
Ўзбекистон футзали тараққиётида муҳим ўрин тутган ҳудудлардан бири - Андижон вилояти саналади. Мазкур ҳудудда футзал сўнгги йилларда қайта тикланиш арафасида турибди. Маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар ушбу спорт турини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Мамлакатимизда ушбу жозибали спорт тури энди тетапоя қадамларини ташлаётган даврларда "Турон-Солиқчи" жамоаси байроқдор клублардан бири бўлиб, Андижон футзали шарафини муносиб ҳимоя қилган. Илк мавсум мамлакат кубогида зафар қучган жамоа, кейинчалик Ўзбекистон чемпионатларида беш марта шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди. Бир неча марта совриндорлар сафидан жой эгаллади.
Бироқ охирги йилларда вилоят футзалининг умумий савияси пасайиб кетгани кузатилди. Ана шундай шароитда, аниқроғи бугун Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон футзал федерацияси Президенти Бекзод Маматқулов иштирокида бўлиб ўтган учрашувда асосий эътибор вилоятда футзални ривожлантириш, тарихий анъаналарни тиклаш ва янги босқичга кўтариш масаласига қаратилди.