Freestyle Grand Slam: Абдусатторов ва Синдаров 9–12-ўринни эгаллади
АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилаётган, жами 750 000 долларлик мукофот жамғармасига эга Freestyle Grand Slam турнири ўз якунига яқинлашмоқда.
Гуруҳ босқичини муваффақиятли тарзда ўтган Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров чорак финалга чиқишганди. Аммо улар мос равишда ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ва америкалик Ҳанс Ниеманнга мағлуб бўлишди.
Мағлублар йўлида ҳамюртларимиз 3-ўрин учун курашни давом эттирди. Афсуски, бу босқичда ҳам уларга омад кулиб боқмади: Синдаров Магнус Карлсенга 0,5:1,5 ҳисобида ютқазди, Абдусатторов эса Уэсли Сога қарши баҳсда асосий партияларни дуранг билан якунлади, аммо тай-брекда мағлуб бўлди.
Шу тариқа, ўзбекистонлик гроссмейстерлар турнирни 9–12-ўринлар билан якунлашди. Ҳар бири 10 000 АҚШ долларидан мукофот пулига эга бўлди. Маълумот учун, 3-ўрин учун тақдим этиладиган мукофот 100 000 долларни ташкил этарди.