Фотима Саиповага Президент топшириғи билан янги уй берилди
Паравелоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Осиё чемпиони Фотима Саиповага янги уй совға қилинди. Ушбу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи асосида амалга оширилди.
Тантанали маросим Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Саиповага барча қулайликларга эга, жиҳозланган икки хонали хонадон калитлари топширилди.
Маълумот ўрнида, Фотима Саипова сўнгги тўрт йилда паравелоспортда фаол иштирок этиб келмоқда. У халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган, мамлакат чемпионатларида тўрт бор ғолибликни қўлга киритган. Яқинда Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида шоссе йўналишида 1-ўринни эгаллаган.