FIDE Grand Swiss 2025: Самарқанддаги нуфузли шахмат турнири иштирокчилари маълум бўлди
2025 йилнинг 3–16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида халқаро даражадаги йирик шахмат мусобақаси — FIDE Grand Swiss турнири бўлиб ўтади. Унга жаҳоннинг етакчи гроссмейстерлари тўпланган бўлиб, умумий мукофот жамғармаси қарийб 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Беллашувлар швейцарча тизимда, 11 турдан иборат тарзда Open (эркаклар) ва Women’s (аёллар) гуруҳларида ўтказилади.
Жами 172 нафар шахматчи иштирок этадиган мазкур мусобақа “Номзодлар турнири – 2026”га йўл олиш учун муҳим имконият ҳисобланади. Ҳар икки гуруҳдаги биринчи ва иккинчи ўрин соҳиблари ушбу нуфузли турнирга йўлланма қўлга киритади.
Мукофот жамғармаси:
• Open: 625 000 АҚШ доллари
• Women’s: 230 000 АҚШ доллари
Open гуруҳида жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу, Аржун Эргаиси, Праггнанандҳа (Ҳиндистон), Алиреза Фирузджа (Франция), Ян Непомняший (Россия), Аниш Гири (Нидерландия), Шахрияр Мамадьяров (Озарбайжон), Левон Аронян (АҚШ) каби дунё юлдузлари иштирок этади.
Ўзбекистон шарафини эса Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Якуббоев ва Шамсиддин Воҳидов ҳимоя қилади. Women’s гуруҳида Гулруҳбегим Тоҳиржонова дона суради.
Самарқанддаги ушбу супертурнир нафақат мукофот жамғармаси, балки шахмат олами учун ҳал қилувчи натижалари билан ҳам эътиборга лойиқ бўлади.