FIA делегацияси Тошкентдаги Ягона оператив бошқарув маркази фаолияти билан танишди
Халқаро автоспорт федерацияси (FIA) Президенти Моҳаммед Бен Сулайем бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасининг Ягона оператив-қидирув бошқарув марказига ташриф буюрди. Делегацияни ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов қабул қилди.
Ташриф давомида расмийлар меҳмонларга Марказнинг фаолияти, унинг имкониятлари ва ишлаш тизими ҳақида маълумот берди.
Профил ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган учрашувда Марказ имкониятларини автоспорт соҳасига интеграция қилиш масалалари, шунингдек, FIAнинг асосий тамойилларидан бири бўлган йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш бўйича йўналишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, Марказ мутахассислари йўл ҳаракати мониторинги, потенциал хавфли вазиятларни эрта аниқлаш ва замонавий ахборот технологиялари асосида уларга тезкор жавоб бериш тизимларини намойиш этди.
Учрашув давомида томонлар автоспорт тадбирларини ўтказиш учун хавфсиз муҳит яратиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва автоспортда хавфсизлик стандартларини янги босқичга кўтариш бўйича фикр алмашдилар.