ЎФФ Президенти кубоги мусобақаси 13-тур баҳслари шанба куни бўлиб ўтади
Ҳаваскор жамоалар ўртасида ўтказилаётган “ЎФФ Президенти кубоги” мусобақасининг навбатдаги 13-тур баҳслари апрел ойининг биринчи шанбаси – 2026 йилнинг 4-апрель санасида бўлиб ўтади. Учрашувлар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети спорт залида эрталаб соат 08:00 дан бошланади.
Шу ўринда футзал спорт турини янада оммавийлаштириш, ҳаваскор футзалчиларнинг маҳорат даражасини ошириш ҳамда профессионал спортга кириб келишлари учун замин яратиш мақсадида ташкил этилган “ЎФФ Президенти кубоги” мусобақаси иштирокчилари диққатига эълонимиз бор.
Мусобақа аъзолик бадалларисиз ҳафтанинг дам олиш кунлари ўтказилишига қарамасдан, жамоалар томонидан регламент талабларини бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жумладан, 28-март куни ўтказилган 12-тур учрашувларига “IMV”, “Истиқлол” ва “Божхона” жамоалари регламентнинг 6.4-бандига зид равишда 10 киши бўлиб етиб келган.
Шунингдек, жамоалар либосларида камчиликлар кузатилмоқда. Қайдномага киритилмаган бегона шахсларнинг захира ўриндиғида пайдо бўлиши ҳолатлари учраяпти.
“ЎФФ Президенти кубоги” мусобақасининг навбатдаги туридан эътиборан барча жамоалар қуйидагиларга қатъий риоя этишлари талаб этилади:
“ЎФФ Президенти кубоги” мусобақаси учрашувларига Регламент талаблари мувофиқ 12 нафар футзалчидан кам бўлмаган ҳолда учрашув ўтказилишидан 20 дақиқа аввал етиб келиш;
захира ўриндиқларида қатъий равишда фақат талабномада кўрсатилган жамоа вакиллари ва спортчиларнинг жойлашишини таъминлаш.
Юқоридаги талаблар бажармаган жамоаларга мусобақадан четлатишгача бўлган жаза чоралари қўлланилади.