Федерацияда куч тузилмалари вакиллари билан учрашув ўтказилди
Ўзбекистон дзюдо федерациясида мамлакатимиз куч тузилмалари масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Федерация раиси Азизжон Камилов қатнашган мазкур йиғилишда бир қатор долзарб ва шу билан бирга муҳим йўналишлар – машғулотлар, мусобақалар ва унинг ташқарисидаги интизомни таъминлаш, допингга йўл қўймаслик, спортчиларнинг масъулият даражасини ошириш каби масалалар кўриб чиқилди.
Халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган, бир вақтнинг ўзида куч тузилмаларида хизмат қилаётган дзюдочилар ҳалоллик, профессионаллик ва ватансеварлик намунаси бўлиб хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.
Таъкидланганидек, дзюдо федерацияси ва давлат тузилмалари ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд камчиликларни биргаликда бартараф этиш, спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, юксак масъулият ва "тоза спорт" тамойилларига содиқлик руҳида ҳамкорликни давом эттиради.
Йиғилишда томонлар олдинда турган мусобақалар – катталар ўртасидаги Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати, кадетлар ва ёшлар учун – жаҳон ва Осиё чемпионатларига муносиб тайёргарлик кўриш, ушбу стартларга жамоанинг барча имкониятларини тўлиқ сафарбар қилиш мавзусини ҳам муҳокама қилишди.
Бундан ташқари, халқаро турнирлар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиш даврида спортчиларни хизмат вазифаларидан вақтинча озод қилиш масаласи ҳам кун тартибида бўлди. Бу эса спорт тайёргарлигига максимал даражада эътибор қаратиш ва белгиланган мақсадларга эришиш имконини беради.