Фарғона вилоятида спорт соҳасини ривожлантириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда
Спорт вазири Адҳам Икрамов бошчилигидаги вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида спорт соҳасини янада ривожлантириш, мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда ёшлар ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилмоқда.
Хизмат сафари давомида вазир ҳамда вазирлик масъул ходимлари, вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов, Боғдод тумани ҳокими Ғанижон Солиев, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳакимов билан биргаликда Боғдод тумани спорт мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф жараёнида спорт мактабида спортчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, машғулотлар сифати, мавжуд инфратузилма ҳамда моддий-техника базанинг ҳолати атрофлича кўздан кечирилди.
Шунингдек, спорт мактаби ҳудудида фаолият юритаётган Аёллар саломатлик маркази билан ҳам танишилиб, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларни спортга кенг жалб этиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Мутасаддилар томонидан спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро майдонлардаги иштирокини самарали ташкил этиш, мураббийлар фаолиятини янада такомиллаштириш, спорт иншоотларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, аёллар ва қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда оммавий спортга жалб этишни кенгайтириш йўналишларда муҳим таклиф ва тавсиялар билдирилди.