Fajr Cup халқаро турнирида муваффақиятли иштирок этиб, 15 та медални қўлга киритган оғир атлетикачилармиз юртимизга қайтиб келишди
Маълумки, Эрон пойтахти Теҳронда олтинчи “Fajr Cup” халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари юқори маҳорат намойиш этиб, жами 5 та олтин, 8 та кумуш ҳамда 2 та бронза медални қўлга киритишди. Умумжамоа ҳисобида эса терма жамоамиз фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Бугун тунда музаффар атлетларимиз юртимизга қайтиб келди. Уларни Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутасаддилари, терма жамоа мураббийлари, спортчиларнинг яқинлари ва мухлислар қарши олишди.
Федерация бош котиби Олимжон Махмудов спортчи ва мураббийларимизни ушбу юқори натижалар билан табриклар экан, бундай ғалабалар юртимизда спорт соҳасига кўрсатилаётган эътибор ҳамда яратилаётган шароитларнинг амалий самарасини ифода этишини таъкидлади. Шунингдек, терма жамоамизга келгусидаги йирик мусобақаларда ҳам улкан муваффақиятлар тилади.