F1. Жорж Расселл ҳақида
Жорж Расселл — 1998 йилда Буюк Британиянинг Кингс Линн шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси автоспорт билан боғлиқ бўлмаган. Отаси Стив Расселл уруғ ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бизнесга эга бўлган ва айнан у Жоржни пойгачи сифатида шаклланишида моддий томондан қўллаб-қувватлаган. Онаси Элисон Расселл эса кўпроқ руҳий жиҳатдан ёрдам берган.
Жорж картинг фаолиятини 2006-йилда бошлаган. У тез орада Буюк Британиядаги кўплаб картинг серияларида ғалаба қозона бошлади. 2011-йилда у KF3 тоифасига ўтди ва у ерда Алекс Албон ҳамда Шарль Леклерк билан бир жамоада қатнашди.
2014 йилда Жорж Формула 4да дебют қилди. У мавсумнинг деярли барчасида чемпионатни бошқарди, лекин охирги пойга олдидан етакчиликни бой берди. Шунга қарамай, якуний пойгада ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди.
2015 йилда у Европа Формула 3да Carlin жамоаси сафида қатнашди. У 1 та ғалаба ва 3 та подиум қўлга киритиб, умумий ҳисобда 6-ўринни эгаллади. Кўпчилик унинг саралашдаги тезлиги унчалик кучли эмаслигини айтган, аммо пойгадаги тезлиги ва тоза обгонлари жуда юқори даражада эди. У дебютантлар орасида иккинчи бўлди (Леклеркдан кейин).
2016 йил Жорж учун ҳал қилувчи йил бўлди, чунки у Мерседес ёшлар жамоасига қўшилишни мақсад қилган эди. Ўша пайтда кўпчилик жамоаларда фақат битта ёшлар ҳайдовчиси бўлган. Жорж ҳатто “Нега жамоа мени танлаши керак” мавзусида PowerPoint презентациясини ҳам қилган. Тото Вольф уни танлади, лекин F1га чиқиш учун GP3 ва Формула 2да чемпион бўлиш шартни қўйди.
2017 йилда у GP3 сериясида ажойиб мавсум ўтказди: сўнгги 7 пойганинг 6 тасида жамоаси ғалаба қозонди. Жорж мавсум тугашига 2 пойга қолганида чемпионликни қўлга киритди ва Жэк Айткенни 79 очкога ортда қолдирди.
2018 йилда Формула 2 жуда рақобатли бўлди. Бу ерда Ландо Норрис, Алекс Албон ва Николас Латифи ҳам қатнашган. Норрис 10 та пойгадан кейин етакчи эди, лекин Жорж кучли қайтиш қилиб, 6 пойганинг 5 тасида 1-2 ўринни олди ва якунда Норрисни 68 очкога ортда қолдириб чемпион бўлди.
2019 йилда у Формула 1да Williams жамоаси сафида дебют қилди. Бу жуда қийин давр эди, чунки жамоа жуда секин эди (ба’зида 4 сониягача ортда қоларди). Жорж жамоадоши Роберт Кубицани доим ортда қолдирган, лекин мавсумдаги ягона очкони айнан Кубица Германиядаги ёмғирли пойгада қўлга киритди. Жорж эса пит-стопда хатога йўл қўйган эди.
2020 йилда Williams бироз яхшиланди, лекин бу натижаларда кўринмади. Жорж бир неча бор очколарга яқин келган, аммо омад етмаган. Бурилиш нуқтаси — Сахир 2020 бўлди: Льюис Ҳэмилтон COVID сабаб қатнашолмади ва Жорж уни Мерседесда алмаштирди. У деярли Валттери Боттасни квалификацияда енгди ва пойгада етакчилик қилди, аммо икки марта нотўғри пит-стоп ҳаммасини бузди. Шунга қарамай, у ўз тезлигини ҳаммага кўрсатди.
2021 йилда, Williamsдаги сўнгги мавсумида, у Бельгия 2021да подиумга чиқди ва яна бир нечта кучли пойгалар ўтказди. Ниҳоят, у Мерседесга ўтиш имкониятини олди ва 2022 йилда Валттери Боттас ўрнини эгаллаб, Льюис Ҳэмилтоннинг жамоадошига айланди.
Ҳэмилтон билан ўтган 3 йил қизиқарли кечди. 2022 йилда Жорж Бразилияда илк ғалабасини қўлга киритиб, жамоадошидан 35 очко олдинда бўлди. 2023 йилда эса Ҳэмилтон анча кучли бўлиб, Жоржни 59 очкога ортда қолдирди. Кейинки мавсумда яна Жорж кучлироқ эди, лекин ўша пайтда Ҳэмилтоннинг Феррарига ўтиши маълум бўлганди ва жамоа кўпроқ унга эътибор қаратган.
2025 йилда 18 ёшли Кими Антонелли Жоржнинг янги жамоадошига айланди. Жорж бу мавсумни жуда кучли ўтказиб, Канада ва Сингапурда ғалаба қозонди, жуда барқарор ва тез ҳайдовчи эканини яна бир бор кўрсатди.
2026 йилда Жорж чемпионлик учун асосий фаворитга айланди. Мерседес дастлабки 3 та пойгада мутлақо етиб бўлмас даражада кучли кўринди, лекин Антонелли ёндирмоқда.
Ва савол, у шунча йил Williamsдаги қийинчиликлар ва Мерседесдаги меҳнатларидан кейин ниҳоят чемпион бўла оладими?