Етакчиликни исботлаш фурсати: Ёш дзюдочиларимиз Осиё ўйинларига шай
Баҳрайнда III ёшлар Осиё ўйинлари давом этмоқда. Ареналарда аллақачон турли спорт турлари вакиллари медаллар учун кураш олиб бораяпти. Ўзбекистон делегацияси эса медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Сафар олдидан Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов терма жамоа менежери Асад Зокиржонов, ўсмирлар терма жамоаси бош мураббий Аурелиан Чиприан Флис ҳамда дзюдочилар билан учрашди.
Учрашув давомида Федерация раҳбари жамоанинг юқори салоҳиятини таъкидлаб, унинг тайёргарлигига ишонч билдиради ва спортчиларга қатъият, фидойилик ҳамда ғалабалар тилади. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси татамига фаворит мақомида чиқади — ва буни ишончли кураш ва натижа билан тасдиқлаши керак.
Азизжон Камиловнинг таъкидлашича, етакчи мақоми шунчаки эътироф эмас, балки катта масъулият ҳамдир. Дзюдочиларимиз Баҳрайнга тажриба учун эмас, ғалаба учун боришади. Уларнинг олдида ишончни оқлаш ва миллий делегациянинг умумий ҳисобдаги ўрнини мустаҳкамлаш вазифаси турибди.