Эркин кураш. Қозоғистон 2026-йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Эркин кураш бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати 24-октябрдан 1-ноябргача Қозоғистоннинг Астана шаҳрида бўлиб ўтади.
United World Wrestling бюроси жума куни йиғилиш ўтказиб, ҳозирги геосиёсий вазият, айниқса халқаро сафарларга таъсир қилаётган ноаниқликларни инобатга олган ҳолда, 2026-йилги Жаҳон чемпионати мезбонини ўзгартиришга қарор қилди.
Аввалроқ Баҳрайннинг Манама шаҳри ўтган йили Загребда бўлиб ўтган йиғилишда мусобақа мезбони сифатида танланганди. Бироқ UWW ва Баҳрайн томони жума куни қўшма баёнот бериб, Жаҳон чемпионати бошқа муддатга қолдирилганини маълум қилди.
Текширув ва ташкилий инспекциялардан муваффақиятли ўтганидан сўнг, Қозоғистон Кураш Федерацияси янги мезбон сифатида танланди ва мусобақа “Барыс Арена”да ўтказилиши белгиланди.
Бу қарор Жаҳон чемпионатининг Астана шаҳрига қайтишини англатади. Мазкур шаҳар 2019-йилда ҳам муваффақиятли тарзда Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган эди. Ўша мусобақада 1000 га яқин полвон қатнашиб, энг кўп иштирокчи йиғилган турнирлардан бирига айланганди.
2019-йилдаги каби, бу сафар ҳам тўққиз кун давом этадиган мусобақада “Барыс Арена” трибуналарининг тўлиб-тошиши кутилмоқда.
UWW миллий федерацияларни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдириб, Астана-2026 Жаҳон чемпионати тақвими тез орада эълон қилиниши маълум қилинди.