Енгил атлетикачилар Баҳрайнга жўнаб кетишди
Ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларида иштирок этувчи енгил атлетикачиларимиз Баҳрайнга жўнаб кетишди. Бу ҳақда спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Терма жамоамиз вакиллари енгил атлетиканинг 12 турида имкониятларини синовдан ўтказишади.
Атлетларимизнинг мусобақадаги дастлабки иштироки 23-октябрга белгиланган.
Шу куни ўсмир қизлар ўртасида ядро улоқтириш, узунликка сакраш, 1500 метрга югуриш йўналишларида финал баҳслари ўтказилади.
Унда ўзбекистонлик атлет қизлар ҳам иштирок этади. Шунингдек, ўсмирлар ўртасида уч хатлаб сакраш ва босқон улоқтириш турларида финал босқичи бўлиб ўтиб, спортчиларимиз медаллар учун курашади.
Маълумот ўрнида Баҳрайндаги Ёшлар Осиё ўйинларида енгил атлетика мусобақалари 26-октябрга қадар 4 кун давомида ўтказилади.