Энди 7-июл Бутунжаҳон волейбол куни сифатида нишонланади
Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказилган Халқаро волейбол федерацияси (FIVB) Ижроия қўмитаси йиғилиши 7- июл санаси Бутунжаҳон волейбол куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.
Халқаро олимпия қўмитасининг амалдаги Президенти Томас Бах ва ХОҚнинг янги сайланган президенти Кирсти Ковентри, шунингдек, Халқаро волейбол федерацияси (FIVB) Ижроия қўмитаси аъзолари қатнашган йиғилиш давомида жорий 2025- йили эркаклар ва аёллар ўртасидаги, шунингдек, U17, U19 ва U21 ёш тоифаларидаги жаҳон чемпионатларига кўрилаётган тайёргарлик ишлари таҳлил этилди.
Йиғилишда 2025 йилги волейбол ва соҳил волейболи бўйича қизиқарли тадбирлар тақвими тўлиқ таништирилди. Асосий чемпионатлар қаторига Филиппин ва Таиландда бўлиб ўтадиган эркаклар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати, соҳил волейболи бўйича 2025 йили Австралиянинг Аделаида шаҳридаги жаҳон чемпионати, U19 ўсмирлар ўртасида Тошкентда ва U19 қизлар ўртасида Белградда бўладиган жаҳон чемпионати каби нуфузли мусобақалар тилга олинди.
Эслатиб ўтамиз, волейбол бўйича U19 ўсмирлар жамоалари ўртасида Ўзбекистонда бўладиган жаҳон чемпионати жорий йилнинг 24 июл-3 август кунлари ташкил этилиши белгиланган. Унда дунёнинг 24 давлат терма жамоаси иштирок этади.