Дзюдо. Ўзбекистоннинг «олтин дубли»: Кадет ва ёшларимиз Осиёда тенгсиз бўлишди
Тўрт кун давомида Иордания пойтахти Амман шаҳри кадетлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди.
Мусобақанинг сўнгги икки куни ёшлар ўртасида жами 14 та вазн тоифасида қитъанинг энг кучли дзюдочилари аниқланди. Худди ўсмирлар терма жамоамиз сингари Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам 20 давлат орасида тенгсиз эканини амалда исботлади. Ёшларимиз 7 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни банд этишди.
Муросасиз кечган беллашувлар якунида Қозоғистон ва Ҳиндистон терма жамоалари кучли учликдан жой олди. Корея Республикаси, Хитой Тайпейи, Қирғиз Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Тожикистон ва Ливан делегациялари ҳам камида битта бронза медалига эга чиқишди.
Умумий ҳисобда Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари тўрт кунлик беллашувларда 18 та олтин, 6 та кумуш, 11 та бронза, жами 35 та медаллар шодаси билан Ватангa қайтмоқда.
Маълумот учун, ўтган йили Индонезияда ўтган ва 21 давлат қатнашган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 8 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза, жами 14 та медал билан биринчи ўринни эгаллаганди. Бу йилги Осиё чемпионатида ёшларимизнинг медаллари биттага кўп бўлди.