Дзюдо. Ўзбекистон чемпионатининг сўнгги куни оғир вазн тоифаларида ғолиблар аниқланди
Андижон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди.
Мамлакат биринчилигининг сўнгги куни оғир вазн тоифасида беллашувлар ташкил этилди. Ўсмирлар -90, +90, қизлар эса -70, +70 кг вазн тоифаларида татамига чиқишди. Тўртта вазнда иккитасида Хоразмлик дзюдочилар, қолган иккитасида Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳри вакиллари чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишди.
Уч кунлик беллашувлар якунга кўра, Хоразм вилояти дзюдочилари медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни банд этишди. Улар 5 та олтин, 5 та кумуш, 7 та бронза медалини қўлга киритишди. Тошкент шаҳри жамоаси 2 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза медали билан иккинчи ўринни банд этган бўлса, 2 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медалига эга пойтахт вилояти дзюдочилари кучли учликка якун яса б беришди.
Эътиборлиси, 14 та ҳудудий терма жамоалардан 13 тасида Ўзбекистон чемпионатининг камида битта бронза медалига эга бўлди. Бу Ўзбекистон дзюдо федерациясининг вилоятларда олиб бораётган ислоҳотлари самарасидир.